Новости

НУРСУЛТАН НАЗАРБОЕВ: «БУЮК ДАЛАНИНГ ЕТТИ ҚИРРАСЫ» (өзбекше)

1298

Макон – барча нарсаларнинг, вақт эса – бутун воқеликнинг мезонидир. Вақт ва макон камалаги ўзаро туташган пайтда миллат тарихи бошланади. Бу – оддийгина чиройли афоризм эмас.

Чин маънода олиб қараганда, немислар, италияликлар ёки ҳинд халқларининг тарихига кўз ташласак, уларнинг минглаб йилларни қамраб оладиган умумтарихидаги катта муваффақиятларнинг манбаи ушбу халқларнинг бугунги кунда макон тутган ҳудудлари билан боғлиқлиги масаласида савол туғилиши табиий. Айниқса, қадимги Рим – бу ҳозирги Италия эмас, бироқ италиялклар ўзларининг тарихий томирлари билан фахрлана олади. Шунга ўхшаш қадимги готлар билан бугунги немислар битта халқ эмас, бироқ улар ҳам Германиянинг бой тарихий меросининг бир бўлагидир. Кўпмиллатли бой маданиятга эга қадимги Ҳиндистон билан бугунги ҳинд халқига тарих тўлқинларида узликсиз ривожланиб келаётган бир бутун цивилизация сифатида қараш мумкин.

Бу – тарихга нисбатан тўғри ёндашув. Шу орқали туб-томиримизни билишга, миллий тарихимизга теран назар ташлаб, унинг чигал тугунларини ечиш имкони туғилади.

Қозоғистон тарихи ҳам алоҳида-алоҳида тарихий даврлари билан эмас, бор бўйи билан ҳозирги замонавий илм доирасида олиб қаралиб тушунилиши шарт. Бунинг учун зарурий далилларимиз етарлидир.

Биринчидан, тарихга қўшган улушига бироз қуйида батафсилроқ тўхталиб ўтиладиганидек, протодавлат уюшмаларининг пойдевори ҳозирги Қозоғистон ҳудудида қурилган бўлиб, улар қозоқ миллати этногенезининг асосий элементларини ташкил этади.

Иккинчидан, биз сўз юритаётган буюк маданий муваффақиятлар дала-даштимизга ташқаридан келгани йўқ, аксинча, уларнинг кўпчилиги кенг бепоён бу ўлкада пайдо бўлиб, шундан кейин Ғарб ва Шарққа, Жануб ва Шимолга ёйилди.

Учинчидан, кейинги йилларда қўлга киритилган тарихий топилмалар бизнинг аждодларимиз ўз даврининг энг илғор, энг ихтисослашган технологик кашфиётларга тўғридан-тўғри алоқадор эканлигини кўрсатади. Ушбу ёдгорликлар Буюк Даланинг жаҳон тарихида эгаллаган ўрнига теран тушунчалар билан назар ташлашга имкон беради.

Айнан қозоқ халқининг айрим уруғ-қабилаларининг номи “қозоқ” этнонимидан кўп асрлар бурун дунёга маълум бўлган. Шунинг ўзи бизнинг миллий тарихимизнинг ўқ томири бугунги тушунчадаги даврлардан анча узоқ даврларга бориб тақалишидан дарак беради.

Европамарказчилик ёндашув саклар ва хунлар, прототурклар ва бошқалар бугунги туркий халқларнинг қадим аждодлари ҳисобланадиган этник гуруҳлар эканлиги ва улар миллатимиз тарихий этногенезининг ажралмас бир бўлаги бўлгани борасидаги далилларни келтиришга имкон бермай келди.

Шу билан бирга, узоқ даврлардан бери бизнинг еримизда умр суриб келаётган кўплаб этносларга муштарак макон бўлган Қозоғистон тарихи борасида гап бораётганини айтиб ўтишимиз ўринлидир. Бу – турли этносларнинг кўплаб атоқли арбоблари ўз улушларини қўшиб келган бутун халқимиз учун муштарак тарихдир.

Бугунги кунда тарихимизга чин кўз билан қараш керак. Бироқ қайсидир бир тарихий воқеани танлаб олиш ва конъюктуравий жиҳатдангина баҳолаш билан чекланмаслик керак. Оқ ва қора - бир-биридан ажратиб бўлмайдиган тушунчалардир. Улар ўзаро бирлашганда якка шахсларнинг ҳам, бутун халқларнинг ҳам ҳаётига бетакрор ранг беради. Бизнинг тарихимизда азобли пайтлар ва қайғули воқеалар, аёвсиз урушлар ва низолар, ижтимоий жиҳатдан таҳликали бўлган синовлар ва сиёсий қувғин-у сургунлар оз бўлмади. Буларни унутишга ҳаққимиз йўқ. Кўп қиррали ва шонли тарихимизни тўғри тушуниб, қабул қила олишимиз зарур.

Биз бошқа халқларнинг ролини пасайтириб, ўзимизнинг буюклигимизни кўрсатиш ниятида эмасмиз. Энг асосийси, биз ҳақиқий илмий манбаларга суянган ҳолда дунё тарихидаги ўз ролимизни англаш ва тўғри фаҳмлашимиз шарт.

Шундан келиб чиқиб, Буюк Даланинг етти қиррасига тўхталсак.

І. МИЛЛАТ ТАРИХИДАГИ МАКОН ВА ЗАМОН

Бизнинг еримиз моддий маданиятнинг кўплаб намуналари пайдо бўлган жой, қайнар булоғи десак, ошириб юбормаган бўламиз. Ҳозирги жамият ҳаётининг ажралмас бўлагига айланган кўплаб буюмлар ўз вақтида бизнинг ўлкамизда ихтиро қилинган. Буюк Далани макон тутган қадимги инсонлар талай техникавий кашфиятлар қилиб, улардан шунчаки фойдаланиб келмасдан, янгидан-янги иш қуроллари яратганлар. Улардан одамзод ер юзининг турли бурчакларида бугунги кунгача фойдаланиб келади. Кўҳна йилномалар бугунги қозоқларнинг қадим аждодлари бепоён Евросиё қитъасида сиёсий ва иқтисодий тарихнинг ғидирагини неча марталаб туб-тубидан ўзгартириб юборгани борасида сирлашади.

1. От миниш маданияти

От миниш маданияти ва йилқичилик ер юзига Буюк Даладан тарқалгани тарихдан маълум.

Мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларида энеолит даврига тааллуқли “Ботай” манзилгоҳида олиб борилган археологик қазишмалар отнинг илк бор ҳозирги Қозоғистон ҳудудида қўлга ўргатилганини тасдиқлайди.

Отни қўлга ўргатиш орқали бизнинг аждодларимиз ўз даврида инсонлар тенгсиз усутунликка эга бўлдилар. Бунга дунё миқёсида қарайдиган бўлсак, чорвачилик, хўжалик юритиш ва ҳарбий соҳада тенги йўқ инқилоб юз берди.

Отнинг қўлга ўргатилиши от миниш маданиятига ҳам пойдевор бўлди. Қурол-аслаҳа тақиб олган муҳташам отлиқ чавандоз кўчманчи ипериялар тарих саҳнасига чиққан даврнинг рамзига айланди.

Туғ кўтарган отлиқ жангчилар тасвири – мард баҳодирлар даврининг махсус эмблемаси, шу билан бирга отлиқ аскарнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ равишда шаклланган кўчманчилар дунёси “маданий коди”нинг алоҳида элементидир.

Автоуловларни жойидан қўзғатувчи мосламанинг қуввати ҳалигача отнинг кучи билан ўлчанади. Ушбу анъана – ер юзида моҳир отлиқлар устунлик қилган буюк даврга бўлган ҳурмат-эътиборнинг нишонидир.

Биз дунёнинг барча ўлкаларига қадимги қозоқ еридан тарқалган шундай буюк технологик инқилоб маҳсулининг инсоният томонидан XIX асргача фойдаланилиб келинганини унутмаслигимиз керак.

Ҳозирги кийим-кечак намуналарининг базавий компонентлари Дала тамаддунининг илк даврларига бориб тақалади. От миниш маданияти моҳир отлиқ жангчининг ихчам кийим кийиш намуналарининг пайдо бўлишига олиб келди. От устида юришга қулай бўлиши учун аждодларимиз илк бор кийимни уст ва ост кийим деб иккига ажратди. Шу тариқа, айнан чолворнинг илк нусхаси пайдо бўлди.

Бу эса чавандоз инсонларнинг от устида эмин-эркин бўлиши ва жанг пайтида эркин ҳаракатланишига имконият яратди. Дала-дашт аҳолиси теридан, кигиздан, кандир ва жундан, канопдан чолвор тикди. Шундан буён минглаб йиллар ўтса-да, кийимнинг ушбу тури ўзгармасдан келди. Археологик қазишлар пайтида топилган қадимги чалворларнинг ҳозирги чалворлардан ҳеч қандай фарқи йўқ.

Шу билан бига бугунги этикларнинг барча турлари кўчманчилар отга минганда кийган юмшоқ ўкчали нозик этикнинг “меросхўр”лари эканлиги маълум.

От устида юрган кўчманчилар ўз тақимига олган жийронини эмин-эркин миниб юриш учун йирик эгар-жабдуқ билан узангини ўйлаб топди. Бу янгилик моҳир чавандознинг от устида қоққан қозиқдай бемалол ўтиришига, шунингдек, от чоптириб бораётиб, қўлидаги яроғидан ҳеч қандай қийинчиликсиз ва унумли фойдаланишига имкон яратди.

Аждодларимиз чопиб бораётган от устида ўқ-ёй тортишни мукаммал даражада эгалладилар. Шу билан алоқадор равишда қурол-аслаҳа техникаси ҳам ўзгариб, мураккаб, қулай ва пишиқ бўла борди. Учига металл тақилган ўқ мустаҳкам совутни тешиб ўтадиган қалқонтешарга айланди.

Қозоғистон ҳудудида умр сурган туркий элатларнинг кашф қилган яна бир технологик янгилиги – қилич. Унинг кескир дами ёки эгик юзи – алоҳида сифатидир. Ушбу яроғ энг муҳим ва кенг тарқалган жанг қуролига айланди.

Чавандоз ва унинг минган отини ҳимоялаш учун мўлжалланган совутни ҳам илк бор бизнинг аждодларимиз ясаган. Евросиё кўчманчиларининг алоҳида аҳамиятга эга ҳарбий янгилиги сифатида яна темир зирҳли отлиқ аскар шу тариқа пайдо бўлди. Оловли қурол пайдо бўлиб, ёппасига қўлланила бошлаган паллаларгача отлиқ аскарнинг тараққий этишиэрамиздан олдинги I мингйиллик ва эрамизнинг І асри мобайнида кўчманчиларнинг узоқ вақт давомида тенги йўқ ҳарбий устунлик ўрнатишини таъминлаган қурол-яроғнинг алоҳида тури - муҳташам отлиқ аскарнинг шаклланишига таъсир қилди.

2. Буюк Даланинг қадимги металлургияси

Металл қазиб олиш усулларини топиш тарихнинг янги палласига йўл очиб, инсониятнинг тараққиёт жараёнларини бутунлай ўзгартириб юборди. .. қизил металл конларига бой қозоқ ери – металлургия пайдо бўлган дастлабки марказлардан биридир. Қадимги замонлардаёқ Қозоғистоннинг Марказий, Шимолий ва Шарқий қисмларида тоғ-кон маҳсулотларини қазиб оладиган ўчоқлар пайдо бўлиб, бронза, мис, қалай, темир, кумуш ва олтин рудалари қазиб олина бошлади.

Ота-боболаримиз янги, мустаҳкам соф металлар қазиб олишни ривожлантириб, уларнинг илғор технологик тараққиётига йўл очди. Археологик қазишмалар пайтида топилган металл эритадиган печлар ва қўлдан ясалган мужъаз буюмлар, қадимги уй-рузғор ашёлари ва қурол-яроғлари бу ҳақда сўйлайди. Буларнинг барчаси қадимги замонларда бизнинг еримиздаги дала тамаддунининг технологик томондан қанчалик юксак ривожланганини кўрсатади.

3. Ов услуби

Бизнинг ота-боболаримиз ўзларини ўраб турган атроф-муҳит билан мутаносиб ҳаёт кечириб, ўзларини табиатнинг ажралмас бир бўлаги санаганлар. Турмушнинг ушбу бош қоидаси Буюк Далани макон тутган халқларнинг дунёқараши ва ўзига хос хусусиятларини шакллантирди. Ўз ёзуви ва мифологиясига эга Қозоғистоннинг қадимий аҳолиси юксак маданият яратдилар.

Улардан қолган мероснинг ёрқин кўриниши, бадиий характери ва маънавий бойлигининг алоҳида белгиси – “ов услуби” санъатидир. Жониворлар тасвиридан маиший ҳаётда фойдаланиш инсон ва табиатнинг ўзаро алоқасининг рамзига айланиб, кўчманчиларнинг маънавий йўналишини аниқ кўрсатиб турган.

Улар йиртқич ҳайвонларнинг, асосан, мушуксимон жониворларнинг тасвиридан кўпроқ фойдаланишган. Мустақил Қозоғистоннинг рамзларидан бири – маҳаллий жониворлар оламидаги ноёб тур бўлмиш қор қоплони экани бежиз эмас.

Шу ўринда ов санъати аждодларимизнинг алоҳида юқори малакали тажрибаси бўлганини кўрсатади. Улар нақш тушириш, металлга ишлов бериш техникасини, шунингдек, мис ва бронзадан тақинчоқлар ясаш ва қуйма қуйиш, олтиндан безаклар тайёрлашнинг мураккаб усулларини яхши йўлга қўйишган.

Ялпи олганда, “ов услуби” феномени дунё санъатидаги буюк кашфиётлардан бири саналади.

4. Олтин одам

Бизнинг туб-томиримизга янгича кўз қарашлар билан ёндашишга асос бўлган, дунё илми учун сенцация ҳисобланадиган янгилик – 1969 йили Қозоғистоннинг Иссиқ қўрғонидан топилган, санъатшунос олимлар орасида “қозоғистонлик Тутанхамон” деб аталадиган “Олтин одам”дир.

Ушбу жангчи талай тилсимли сирларга ечим топди. Бизнинг аждодларимиз бугунги кунда ҳам ўз гўзаллиги билан одамларни ҳаяжонга соладиган ўта юксак даражадаги кўркам буюмлар ясашган. Аскарнинг олтин билан қопланган кийим-кечаклари қадимги заргарларнинг олтинга ишлов бериш техникасини яхши эгаллаганидан дарак беради. Шу билан бирга, ушбу янгилик Дала тамаддунининг муҳташам куч-қудрати ва эстетикасини ифодалайдиган бой мифологияни юзага чиқарди.

Дала халқи ўз истеъдодини шу тариқа кўрсатиб, унинг мартабасини қуёшдек қудрат даражасига кўтариб шарафлаган. Қўрғондаги муҳташам идиш ва буюмлар қадимги аждодларимизнинг яратувчанлик қобилиятини кўрсатади. Аскар ёнидан топилган кумуш косаларнинг бирида ўйиб ёзилган ҳарфлар бор. Бу – Марказий Осиё ҳудудидан топилган ёзувлар орасида энг кўҳнасидир.

5. Турк дунёсининг бешиги

Қозоқлар ва Евросиёнинг бошқа халқлари тарихида Олтойнинг тутган ўрни бўлакча. Шундай буюк тоғлар асрлар бўйи Қозоғистон ерининг тожигина эмас, бутун турк оламининг бешиги ҳисобланади. Худди шу ҳудудда эрамиздан олдинги І мингйиллик ўрталарида турк дунёси пайдо бўлиб, Буюк Дала тақдирида янги даврни бошлаб берди.

Тарих ва география туркий давлатлар билан буюк кўчманчилар империялари издошлигининг алоҳида моделини шакллантирди. Бу давлатлар узоқ вақтлар бўйи бир-бирининг ўрнини эгаллаб, ўрта асрлардаги Қозоғистоннинг иқтисодий, сиёсий ва ва маданий ҳаётида ўзининг ўчмас изини қолдирди.

Бепоён кенг ҳудудларни бошқара олган туркийлар чексиз кенг далада кўчманчи ва ўтроқ тамаддуннинг ўзига хос намунасини шакллантириб, санъат ва илмнинг ҳамда халқаро тижорат марказига айланган ўрта аср шаҳарларининг гуллаб-яшнашига йўл очди. Масалан, ўрта асрлардаги Ўтрор шаҳри оламшумул тамаддуннинг буюк мутаффакирларидан бири – Абу Наср ал-Форобийни дунёга келтирган бўлса, туркий халқларнинг маънавий етакчиларидан бири Хўжа Аҳмад Яссавий Туркистонда умр суриб, илм-маърифат тарқатди.

6. Буюк Ипак йўли

Мамлакатимизнинг географик жиҳатдан қулай, яъни Евросиё қитъасининг киндигида жойлашуви азалдан турли давлатлар ва тамаддунлар орасида транзит “даҳлиз (коридор)”нинг пайдо бўлишига имкон яратди. Бизнинг давримиздан бошлаб ушбу қуруқлик йўллари Ўлкан Евросиёнинг Шарқи ва Ғарби, Шимоли ва Жануби орасидаги савдо ва маданият соҳаларидаги алоқаларнинг трансконтинентал белбоғига – Буюк Ипак йўли тизимига айланди.

Ушбу йўл халқлар орасидаги умумжаҳон ўзаро товар айланиши ва ақлий ҳамкорликнинг шаклланиб, ривож топиши учун барқарор платформа бўлди.

Карвон йўлларининг зиён-заҳматсиз бўлишини, хавфсизлигини таъминлаган Буюк Дала халқи қадим ва ўрта асрлардаги ўта муҳим савдо қатновининг асосий риштаси саналди. Дала белбоғи Хитой, Ҳиндистон, Форс, Ўрта Ер денгизи, Яқин Шарқ ва славян тамаддунларининг ўзаро алоқаларида воситачилик қилди.

Илк пайдо бўлган пайтлардан бошлаб Буюк Ипак йўли харитаси, асосан, туркий империяларнинг ҳудудларини қамраб олди. Марказий Евросиёда туркийлар устунлик қилган даврларда Буюк Ипак йўли гуллаб-яшнаб, халқаро миқёсда иқтисодни тараққий эттиришга ва маданиятни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшди.

7. Қозоғистон – олма ва қизғалдоқнинг ватани

Оқсоч Олатов ёнбағирлари олма ва қизғалдоқнинг “тарихий ватани” экани илмий томондан исботланган. Оддий, бироқ бутун дунё учун ўзига хос аҳамияти юқори бўлган ушбу ўсимликлар шу ерда бўй чўзиб, ер юзига тарқалган. Қозоғистон ҳозир ҳам дунёдаги барча олмасимонларнинг илк аждоди – Сиверс олмасининг ватани ҳисобланади. Худди шу олма уруғи энг кўп тарқалган мевани оламга тортиқ қилди. Барчамизга маълум олма меваси – биздаги олманинг генетик бир туридир. У Қозоғистон ҳудудидаги Или Олатови этакларидан Буюк Ипак йўлининг қадимги тармоғи бўйлаб дастлаб Ўрта Ер денгизига, кейинчалик бутун дунёга тарқалган. Ушбу таниш меванинг теран тарихининг рамзи сифатида мамлакатимизнинг жанубидаги энг чиройли шаҳар Олма-ота деб аталди.

Қозоғистон ҳудудидаги Чу, Или тоғлари этакларидан ҳозирги кунгача маданий ўсимликлар оламининг жавҳари саналадиган Регель қизғалдоқларининг илк аждодларини учратиш мумкин. Ушбу гўзал ўсимлик бизнинг еримизда Тянь-Шань тоғларининг этаклари билан чўлу-даланинг кураш майдонида пайдо бўлган. Қозоқ тупроғидаги шундай оддий, шунчалар ўзига хос гуллар ўз гўзаллиги билан кўплаб халқларнинг юрагидан жой олиб, аста-секин бутун дунёга тарқалди.

Бугунги кунда ер юзида қизғалдоқнинг 3 мингдан ортиқ тури бор, уларнинг катта кўпчилиги – бизнинг дала қизғалдоғининг “насли”дир. Ҳозир Қозоғистонда қизғалдоқнинг 35 тури ўсади.

ІІ. ТАРИХИЙ ТУЙҒУНИ КУЧАЙТИРИШ

Кўтарилган масалалар ҳар томонлама таҳлил қилиниб, элакдан ўтказилиб, чуқур изланишлар олиб бориш талабини қўяди. Дарвоқе, улар бизнинг дунёқарашимизнинг, халқимиз ўтмиши ва бугуни ҳамда келажагининг тамал тошларига тўғридан-тўғри алоқадордир.

Ушбу ишни бир неча йирик лойиҳалар орқали бошлаш мумкин деб ўйлайман.

1. Архив – 2025

Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўтмишини тадқиқ этиш билан боғлиқ ўлкан ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизнинг тарихий йилномасидаги унутилган зарварақларни қайта тиклаш йўлида бажарилган “Маданий мерос” лойиҳаси муваффақиятли иш олиб борди. Бироқ аждодларимиз ҳаёти ва улар томонидан яратилган ажойиб тамаддун борасидаги кўплаб манбалар ҳалигача илмий муомалага киритилганича йўқ. Улар дунёнинг барча архивларида ўз изланувчи ва тадқиқочиларини кутиб турибди.

Шу боис, қадимги даврлардан ҳозирги кунгача бўлган тарихий паллаларни қамраб оладиган ватанимизда ва чет элларда сақланаётган архив материаллари бўйича йирик жиддий тадқиқотлар олиб бориш учун “Архив – 2025” номли етти йиллик лойиҳасини ишлаб чиқишимиз керак деб ҳисоблайман.

Ушбу режани амалга ошириш борасида тарихчилардан, манбашунос ва маданиятшунослардан ташкил топган махсус гуруҳларнинг маҳаллий ва чет эллардаги йирик архивлар билан ўзаро тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорлик тузиб, изланишлар ва тадқиқотлар олиб боришига алоҳида аҳамият бериш керак бўлади.

Нима бўлгандаям бундай аҳамиятли юмуш давлат ҳисобидан амалга ошириладиган “академик туризм”га айналмаслиги керак. Архив манбаларини фақатгина йиғиб қўймасдан, барча мутахассис тадқиқотчилар ва кенг кўламдаги китобхонларга етиб боришини таъминлаш учун уларни фаоллик билан рақамли форматга кўчириш зарур.

Ўз тарихидан фахрланиш туйғусини шакллантириб, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мактаб бўсағасидан бошланиши лозим. Шу боис, мактаблар ва барча вилоятларимиздаги ўлкашунослик музейлари ёнида тарихий-археологик тўгараклар очиш керак бўлади. Миллат тарихини халқимиз онгига сингдириш бутун қозоғистонликларнинг зиммасида бўлиб, уларнинг мушатарак туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади.

2. Буюк Даланинг буюк сиймолари

Кўпчиликнинг онгида тарихий анъаналар, асосан, шахсларни тарбиялаш сифатида маълум. Кўплаб халқлар ўз мамлакатининг ардоқли элчиси сифатида буюк аждодларининг исмлари билан фахрланадилар.

Масалан, ўтган замонлардаги Тутанхамон, Конфуций, Искандар Зулқарнайн, Шекспир, Гёте, Пушкин ва Жорж Вашингтон сингари ер юзига таниш шахслар бугунги кунда ҳам “ўз давлатлари”нинг бебаҳо рамзий капитали саналади ва ўша элларнинг халқаро аренада муҳим ўрин эгаллашига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Буюк Далада ал-Форобий ва Яссавий, Кул Тегин ва Бейбарс, аз-Тавка ва Аблай, Кенесари ва Абай, шунингдек, яна бошқа кўплаб улуғ шахслар дунёга келди.

Шу боис, биз бирнчидан, машҳур тарихий шахсларимиз ва уларнинг муваффақиятлари ҳурматига очиқ осмон остида эсдалик-ҳайкаллар қўйиладиган “Буюк Даланинг буюк сиймолари” номли маърифий-маданий энциклопедик оромгоҳ қуришимиз керак.

Иккинчидан, махсус давлат топшириғи асосида ҳозирги адабиётимиздаги, музика ва театр ҳамда тасвирий санъат соҳасидаги буюк мутафаккирлар, оқин-жировлар ва эл-улусни бошқарган шахслар тасвирларининг муҳим галериясини яратишни бошлаб юбориш зарур.

Шунингдек, бу масканда классик қолиплардан фарқли, истеъдодли ёшлар санъатининг креатив ёндашувларидан ҳам фойдаланиш катта аҳамият касб этади. Шу билан боғлиқ равишда ушбу юмушга фақатгина маҳаллий эмас, чет эллик санъат усталари ва ижодкорларларни ҳам жалб қилиш маъқул иш бўлади.

Учинчидан, ўлкамизнинг тарихий даврларини кенг қамраб олган ҳолда “Буюк Дала шахсиятлари” номли илмий-оммабоп сериялар чиқариб, уларни ҳолига етказиш ишларини тизимга солиш ва жонлантириш лозим.

Шу жиҳатдан қозоғистонлик олимлар билан бир қаторда кўплаб чет эллик мутахассисларни ўз ичига олувчи кўп тармоқли халқаро гуруҳ тузиш керак бўлади. Натижада бизнинг қаҳрамонларимизнинг ҳаёти ва фаолияти борасида фақат мамлакатимиздагина эмас, хорижда ҳам хабардор бўлишади.

3. Турк дунёсининг генезиси

Қозоғистон – бутун туркий халқларнинг муқаддас “Қора чанғироғи”дир. Бугунги қозоқларнинг кенг дала-даштларидан дунёнинг ҳар бурчагига ёйилган туркий элатлар ва халқлар ўзга мамлакатлар ва ҳудудларнинг тарихий жараёнларига салмоқли улуш қўшдилар.

Шу асосда “Туркий тамаддун: туб илдизлардан ҳозирги кунгача” номли лойиҳани амалга ошириш зарур. Ушбу лойиҳа асосида 2019 йилда Остонада туркологларнинг бутун жаҳон конгрессини ва турли мамлакатлар музейларининг экспозицияларига қадимги туркий ёдгорликлар қўйиладиган туркий халқларнинг маданият кунларини ўтказиш зарур.

Шунингдек, Википедия мисолида Қозоғистон модераторлигида туркий халқлар учун муштарак асарларнинг ягона онлайн кутубхонасини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан биргаликда, янги вилоят маркази сифатида Туркистон шаҳрини ривожлантириш учун унинг халқларо аренадаги ўрнини режа асосида орттириб бориш зарур.

Қозоғистоннинг олдинги пойтахти халқимизнинг маънавий марказигина эмас, балки, бутун турк дунёси учун қутлуғ макон бўлиб ҳисобланади.

4. Буюк Даланинг қадимий санъат ва технологиялари музейи

“Буюк Дала” номли қадимий санъат ва технологиялар музейини очиш учун барча имкониятларга эгамиз. Унга юксак санъат ва технология намуналарини – ов услуби (ҳайвонот услуби)да ясалган буюмларни, “Олтин одам” билан бирга топилган буюм ва безакларни, отни хонакилаштириш, металлургияни ривожлантириш, қурол-яроғ, аслаҳа тайёрлаш малакасини кўрсатадиган ашёлар ва бошқа ёдгорликларни жамлаш мумкин. Унда Қозоғистон ҳудудидан топилган муҳим археологик обидалар ва археологик масканларнинг экпозициялари жой олади. Ушбу буюмлар тарихий даврларнинг ҳар қайси палласидаги турли-туман хўжалик соҳалари ривожи жараёнидан дарак бериб туради.

Шунингдек, “Буюк Даланинг буюк тамаддунлари” номли умуммиллий тарихий реконструкициялар клубини ташкил этиб, шу асосда Остонада ва Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида қадимги саклар, хунлар, Буюк Турк хоқонлиги даврлари ва яна бошқа мавзулар бўйича фестиваллар ўтказиш мумкин. Бу ишга ўз қизиқишини билдирадиган шахсларни жалб қилган ҳолда ушбу мавзулар доирасидаги юмушларни бир маромда юритса бўлади.

Қадимги Ўтрор шаҳрининг бир қатор ёдгорликларини – уйлар ва кўчаларни, жамоа масканларини, сув қувурларини, шаҳар қалъа деворлари ва бошқа манзилларни қайтадан тиклайдиган туристик лойиҳа ҳам қизиқтиради.

Шу асосда илм-фанни тарғиб қилиш ва туризмни ривожлантиришга катта эътибор бериш зарур.

5. Дала фольклори ва мусиқасининг минг йили

Бу лойиҳа асосида бизга “Дала фольклори антологияси”ни яратиш керак бўлади. Бунда Буюк Дала ворисларига хос ўтган мингйилликдаги халқ оғзаки адабиётининг танланган намуналари – эртаклар, афсона ва ривоятлар, қисса ва достонлари жамланади.

Шу билан биргаликда, қозоқнинг қўбиз, дўмбира, сибизғи, най ва бошқа анъанавий мусиқа асбобларида кўйланган муҳим ижод намуналари тўпламини – “Буюк Даланинг кўҳна мотивлари” мажмуасини чоп этиш лозим.

Буюк Дала фольклори ва оҳанглари замонавий рақамли форматда “Янги нафас” олиши лозим. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун нафақат кўчманчиларнинг бой меросини тизимлаштиришга қобилиятли, балки, унинг аҳамиятини янада орттира оладиган маҳаллий ва хорижлик касб усталарини жалб қилиш муҳимдир.

Бизнинг маданиятимизнинг асосий сюжетлари, персонаж ва мотивлари чегара билмайди, шу сабабли уларни тизимли равишда тадқиқ этиб, ялпи Марказий Евросиё минтақаси ва бутун оламга тарғиб қилишга масъулмиз.

Оғзаки ва мусиқий анъанани қайта жонлантириш ҳозирги замон аудиториясига яқин ва тушунарли форматда бўлиши керак.

Таъкидлаш керакки, эскирган сўзлар ва матнларни асл нусха фотолари билан бирга келтириб, аниқ видеоматериаллар формасида кўрсатиш мумкин. Мусиқий овозлар ва оҳанглар табиий асбоблар билангина эмас, уларнинг замонавий электрон нусхалари орқали ҳам етказиб берилиши мумкин.

Шу билан бирга, қатор фольклор анъанасининг муштарак тарихий асосларнинг тадқиқ этиш учун Қозоғистоннинг турли ҳудудларида ва чет элларда бир неча таҳлилий-тадқиқий экспедициялар уюштириш лозим.

6. Тарихнинг кино санъати ва телевидениедаги ифодаси

Ҳозирги замон халқларининг тарихий тасаввурларида кино санъати ўзига хос ўрин тутади. Умумхалқ наздида фильмлардаги ёрқин кинообразлар фундаментал илмий китоблардаги ҳужжатли портретлардан кўра аҳамиятлироқ рол ўйнайди.

Шу боис, зудлик билан Қозоғистон тамаддуни тарихининг узликсиз тараққиётини кўрсатиб берадиган ҳужжатли фильмларнинг, телевизион сериаллар ва тўла метражли ижодий картиналарнинг махсус циклик фаолиятини йўлга қўйиш керак.

Айтиб ўтилган лойиҳалар кенг халқаро ҳамкорлик доирасида маҳаллий ва чет эллик ихтисослашган сценаристларни, режиссёрларни, актёрларни, продюсерларни ва замонавий кино санъатининг бошқа мутахассисларини жалб этиш орқали амалга оширилиши шарт.

Қизиқарли ва мелодрама мотивлари билан бир қаторда томошабинлар учун фантазияларга бой ва ўткир сюжетли блокбастерларнинг элементларини қўшган ҳолда янги тарихий телефильм маҳсулотларини бор бўй-басти билан кенгайтириш лозим.

Шу мақсадда Буюк Даланинг бой мифологик ва фольклар материалларидан фойдаланиш керак.

Миллий супер қаҳрамонларни ўрнак кўрсатадиган сифатли болалар фильмлари ва мультипликацион сериаллар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Бизнинг донгдор ботирларимиз, мутафаккирларимиз ва эл-улус бошқарувчиларимиз – ёлғиз Қозоғистон эмас, бутун олам бўйлаб тараннум этишга лойиқ шахслардир.

ХУЛОСА

Бундан бир ярим йил бурун менинг “Келажакка назар: маънавий янгиланиш” номли назарий мақолам ёруғ кўрди.

Юқорида айтиб ўтилган лойиҳаларни “Маънавий янгиланиш” программасининг давоми сифатида қарайман.

“Маънавий янгиланиш” умуммиллий лойиҳанинг янги компонентлари ота-боболаримизнинг кўп асрлик меросини рақамли цивилизация талабида тушунарли ва талабларга жавоб берадиган бўлишини таъминлаб, уни ривожлантришга иконият беради.

Ўз тарихини биладиган, қадрлайдиган ва ундан фахрланадиган халқнинг келажаги буюк бўлишига ишонаман. Ўтмиши билан фахрланиб, бугунини қадрлай олиш ва келажакка ишонч билан қарай олиш – мана шулар элимиз муваффақиятининг кафолатидир.


Возврат к списку

Обращения

Биография /

Все лица
Осман Нури Асанович Акчокраклы
Поэт, писатель, журналист, историк-археолог, востоковед, лингвист-полиглот, этнограф, литературовед, педагог